Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » 3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни

3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Муаллиф: upr_trud
“3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан “Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусига бағишланган илмий-амалий конференцияси

Кучли ижтимой ҳимоя сиёсатини амалга ошириш муҳтарам юртбошимиз томонидан мустақилликнинг илк кунларида ишлаб чиқилган ва дунёда эътироф этилган ўзбек моделининг муҳим тамойилларидан бири эканлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1992 йилда 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган ва бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда. Республикамизда ҳам ушбу тадбирни нишонлаш анъанага айланган ва йил сайин нуфузи ортиб бормоқда.

Ҳар йили “3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни” 3-5 декабрь кунлари ногиронлар учун байрам тадбирлари ташкил этиш, уларга совғалар ажратиш орқали нишонланиб келинган. Жорий йилда ушбу кунни меҳр-мурувват ойлигини (30 ноябридан 30 декабригача) ўтказиш орқали кенг нишонланмоқда.

Меҳр-мурувват ойлиги давомида қуйидаги тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган:

ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)ларда камида 50 нафардан (жами 9600 нафардан зиёд) ногиронларга бепул юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

Олий Мажлис, вилоят ва туман кенгашларининг депутатлари билан учрашувлар (республика бўйича 200 дан зиёд худудларда) ташкил этиш ҳамда ногиронларни сайлов пунктларида овоз беришлари учун зарур шарт-шароитлар (махсус йўлакчалар, кўзи ожиз ногиронлар учун шарт-шароитлар) яратиш;

3 минг нафар ногиронларни бепул тиббий лаборатор-функционал текширишлардан ўтказиш, даволаш ҳамда соғломлаштириш;

Ногиронлар жамияти, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда 2 минг нафар ётиб қолган ногиронларнинг уйларига бориб ҳолидан ҳабар олиш ҳамда уларга зарур ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш;

ҳомийлик ёрдамида қўшимча 190 нафар ногиронларга аравача, 965 нафар ногиронга эшитиш мосламаси, 4 минг нафарга яқин хасса, 3,8 мингта қўлтиқ таёқ ажратиш;

2015 йил давомида ҳар бир туман ва шаҳарларда камида бештадан (жами 965 та) марказий чоррахаларни ногиронлар тўсқинликсиз ҳаракатланиши нуқтаи назардан қайта капитал таъмирлаш ва барча махсус воситалар билан тўлиқ жиҳозлаш;

ҳар бир худудда ногиронлар кириши ва фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган тижорат ва ижтимоий инфратузилма объектлари кўрик танловини ўтказиш;

ногиронлик масалаларига бағишланган телероликлар ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этиш, ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, кўрсатувларни субтитр ёки сурдо таржима билан таъминлаш;

193 та туман ва шаҳарларда ногиронлар учун квоталанган иш ўринлари махсус меҳнат ярмаркаларини ўтказиш ва ҳар бир туманда камида 50 нафардан (жами 10 минг нафарга яқин) ногиронларни квота иш ўринларига жойлаштириш, ногиронлар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш чораларини кўриш. Шунингдек, ойлик давомида 250 дан зиёд оммавий-маданий ва хайрия тадбирлари, учрашувлар, давра суҳбатлари ва турли кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирларни амалга оширишда 230 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари фаол иштирок этадилар.

“Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2014 йил 1-декабрь куни “Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва имкониятлар тенглигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзуси бўйича ўтказилаётган илмий-амалий конференция ишида Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликлари, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тасарруфидаги Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Республика “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда тизимдаги “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, сиҳатгоҳлар, ногиронларни реабилитация марказлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари раҳбар ходимлари иштирок этмоқда.

Шунингдек, ушбу илмий-амалий анжуман ишини батафсил ёритиш мақсадида республика ва маҳаллий оммавий-ахборот воситалари, матбуот ходимлари ҳам таклиф этилган.

Ўтган давр мобайнида республикамизда ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган юздан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки кунлари, яъни 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун биринчилар қаторида қабул қилинди. Мазкур қонун жаҳон стандартларига мос равишда қайта ишлаб чиқилиб, 2008 йил 11 июль куни янги таҳрирда қабул қилинди.

Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация тадбирлари самарасини ошириш мақсадида реабилитация марказларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Хусусан, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилоят ногиронларни реабилитация марказларига Япония ҳукуматининг кичик грантлари олинди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ногирон болалар учун “Мурувват” уйларида компьютер, сенсор хоналар, спорт мажмуалари ва машғулотлар ўтиш хоналари ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, жорий йилда Фарғона ва Наманган вилоят ногиронларни реабилитация марказларида, Тошкент вилояти Охонгарон эркаклар “Мурувват” уйи, Товоқсой санаторияси, Чувама, Бўтақора “Мурувват” уйлари, Қарши болалар “Мурувват” уйларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, вазирлик тизимидаги санаторияларда ҳар йили 30 минг нафардан зиёд пенсионер ва ногиронлар бепул соғломлаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 октябрдаги 2014 йил “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4658-сонли фармойишига мувофиқ 2015 йилдан бошлаб, қўшимча 70 минг нафардан зиёд фахрийларни санаторияларда бюджет маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш кўзда тутилган.

Ҳукумат томонидан фуқароларни ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, хасса ва қўлтиқ-таёқлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳар йили ўрта ҳисобда 10 мингдан зиёд ногиронлар протез-ортопедия маҳсулотлари, 3 мингга яқин фуқаролар ногиронлар аравачаси, 1,3 минг нафар ногиронларга эшитиш мосламаси, 4 минг нафарга яқин ногиронлар хасса ва қўлтиқ таёқ билан бепул таъминланмоқда.

Ногиронларни замонавий реабилитация техник воситалари билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида вазирлик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан “Ўзбекистонда якка ёлғизлар ва ногиронларга профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш” тўғрисидаги лойиҳани имзолади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш сингари вазифалар белгиланган.

Кореянинг “KOICA” ташкилоти билан ҳамкорликда бугунги кунда 14 нафар “Мурувват” уйлари раҳбарлари Корея Республикасида малака оширмоқдалар. Ушбу ходимлар малака ошириш давомида имконияти чекланган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш стандартлари, ижтимоий хизматнинг янги технологиялари, муассасаларни қуриш ва жиҳозлашга қўйилган талаблар ҳамда ногиронларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш бўйича Корея тажрибасини ўрганиш ҳамда мамлакатимизда амалиётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини модеренизация қилиш, ижтимоий хизматнинг автоматлаштирилган технологияларини такомиллаштириш, ногиронларга интрактив ижтимоий хизматлар турларини жорий этиш ва кенгайтириш юзасидан амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Ногиронларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва инфратузилма объектларига тўсиқсиз киришлари учун шароитларни яратишга катта эътибор қаратилган, 2010-2014 йилларда 54 мингдан ортиқ ижтимоий инфратузилма объектларида пандуслар ўрнатилди ва қулайликлар яратилди, қурилаётган объектларда ногиролар учун зарур мослама ва қурилмалар ўрнатилиши вазирлик ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан назоратга олинган.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, конференция дастурида имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ва янада яхшилашнинг стратегик йўналишлари, тиббий-ижтимоий экспертиза хизматининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ногиронларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, ногирон болаларга махсус ва инклюзив таълим бериш тизимини такомиллаштириш, ногиронлар учун “тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар яратиш борасида давлат, нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, ногиронларни тиббий-меҳнат экспертизаси ва реабилитацияси учун кадрлар тайёрлаш, ногиронлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш механизмларини такомиллаштириш, уларни жамиятга интеграция қилишда кўмак беришни янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш режалаштирилган.
Курилди: 3069