Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида жорий йилдаги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатлари муҳокама қилинди

Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида жорий йилдаги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатлари муҳокама қилинди

Муаллиф: upr_trud
Жорий йилнинг 4 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг “Жорий йилда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш якунлари”га бағишланган навбатдаги видеоконференция шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида комиссия аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар мутассаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий Комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борган ушбу мажлисда республикада чақалоқ савдосининг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари ва мавжуд муаммолар ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ва уларнинг самарадорлиги муҳокама қилинди.

Жумладан, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ва блогерлардан иборат 13 та, Давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланди.

Давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гурухлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 3 048 та ташкилот, фермер ҳўжаликларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 млн. 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

Жумладан, 2020 йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс, шу жумладан, ташкилот раҳбарлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.

Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифасини бажармаганлиги, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, кластер ва фермер хўжалик раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, Бандлик ва мехнат муносабатлари вазири - мажбурий меҳнатга қарши курашиш кичик комиссияси раиси Н.Хусановнинг “Жорий йил пахта - йиғим терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги ахборотида йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги барча амалга оширган ишлари тўғрисида маълумотлар берилди.

2020 йил май ойидан бошлаб барча ҳудудларда аҳоли гавжум жойларга мажбурий меҳнатни олдини олиш бўйича ўтган йилгидан сезиларли даражада кўпроқ, яъни 800 дан ортиқ баннер ўрнатилди, 550 мингта флаер ва 20 мингдан зиёд “Мажбурий меҳнатдан огоҳ бўлинг” номли услубий қўлланмалар тарқатилди.

Пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган ҳамда пахта йиғим-терими ишларига аҳолини эркин ёллаш, теримчиларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган ижтимоий роликлар тайёрланиб, барча марказий ва ҳудудий телеканаллар ҳамда хусусий телеканаллар орқали эфирга узатилиши йўлга қўйилди.

Миллий комиссия раиси тасдиқланган режа жадвалга асосан жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумидан олдин ҳудудларда иш берувчиларнинг, хусусан, фермерлар ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарларининг мажбурий меҳнат бўйича билимларини ошириш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш мақсадида Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертларини жалб этган ҳолда 71 маротаба онлайн шаклда ўқув семинарлар ташкил этилди. Республика бўйлаб бу тадбирларда иштирок этганлар сони 2 100 дан ортиқни ташкил этди.

Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 790 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали - 461 та, web сайт орқали - 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали - 113 та, ёзма аризалар -201 та қайд этилган.

Келиб тушган мурожаатларга тўхталадиган бўлсак, фуқаролик жамияти фаолларидан жорий йил пахта йиғим-терим даврида жами 26 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 6 та ҳолат юзасидан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари аниқланиб мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Ўз навбатида, жорий йил пахта йиғим-терим мавсуми ижтимоий тармоқларда блоггерлар томонидан фаол ёритиб борилди ҳамда ижтимоий тармоқдан жами келган 113 та хабар юзасидан ўрганишлар тезкорлик билан олиб борилди ва 25 та ҳолатда келтирилган важлар ўз тасдиғини топди.

Ҳудудлар кесимида қараладиган бўлса, жорий йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатларининг кўпчилик қисми Наманган вилоятида 19 та, шу билан бирга бошқа ҳудудларда ҳам кузатилиб, Жиззах вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Сурхондарё вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 3 та, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Фарғона вилоятларида 1 тадан қайд этилди.

Йиғилишда мажбурий меҳнат ҳолатларининг вужудга келишига шароит яратиб берганлиги учун 5 та туман ҳокимларига яъни Наманган вилоятининг Чортоқ ва Учқўрғон тумани, Тошкент вилоятининг Охангарон ва Ўртачирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Урганч туманлари ҳокимларига ҳукумат фармойишига асосан интизомий жазоси берилганлиги ва такрорий қонунбузилишлар юзасидан уларнинг эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилганлиги маълум қилинди.

Ўз навбатида, жойларда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар юзасидан Наманган, Жиззах, Тошкент, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг ҳисоботлари эшитилди.

Ушбу вилоятларда пахта йиғим-терими мавсуми давомида теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, уларнинг пулларини ўз вақтида берилишини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганлиги танқид қилинди.

Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Курилди: 53