Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » Ўзбекистонда болалар меҳнати бўйича миллий мониторинг ўтказилмоқда

Ўзбекистонда болалар меҳнати бўйича миллий мониторинг ўтказилмоқда

Муаллиф: upr_trud
Ўзбекистонда болалар меҳнати бўйича миллий мониторинг ўтказилмоқдаЎзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилган бўлиб, бу борада давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2008 йилда Ўзбекистон томонидан Халқаро Меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатига оид 138 ва 182-Конвенциялари ратификация қилинган ва мамлакат миллий қонунчилиги мазкур конвенциялар талабларига мослаштирилган бўлиб, улар ижросини таъминлаш юзасидан Ҳукумат томонидан қатор қарор ва дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган бўлиб, бугунги кунда мазкур кенгаш белгилаб олинган устувор йўналишларда ўз ишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси портали хабарига кўра, айни кунларда Болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш иш режасига мувофиқ Ўзбекистонда болалар меҳнати бўйича миллий мониторинг ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 18 сентябридан 25 октябригача давом этиши режалаштирилган мазкур мониторингни ўтказиш мақсадида мамлакат касаба уюшмалари раҳбарлигида 8 та территориал ишчи гуруҳлари тузилиб, уларга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмаларининг хотин-қизлар Кенгашлари, ҳудудий нодавлат ташкилотлар вакиллари жалб этилди. Шунингдек, ушбу мониторингда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари фаол иштирок этмоқдалар ва улар томонидан техник кўмак кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда жойларда қизғин давом этаётган мониторингдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда ХМТнинг болалар меҳнатига оид Конвенциялари ҳамда уларга мос равишда миллий қонунчилигимиз доирасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, Ҳукумат Қарорлари ижросини, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари давоматини ўрганишдир.

Худди шу мақсадда миллий мониторингнинг дастлабки кунлари – жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари ХМТ экспертлари Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига ташриф буюрди. ХМТ экспертлари томонидан ўтказилган мониторинг давомида теримчиларнинг ихтиёрий равишда иштирок этаётгани, уларнинг сифатли озиқ-овқат билан таъминланаётганлиги, меҳнат шартномаларига мувофиқ теримчиларга ҳар 5 кунда иш ҳақи тўланаётгани, иш вақти меъёрларига қатъий амал қилинаётгани, қатор фермер хўжаликлари далаларида пахта ҳосилининг терим машиналари ёрдамида йиғиб олинаётгани, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг теримда иштирок этмаётгани, касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар давоматининг тўлиқ таъминланаётгани аниқланди.

Ҳудудларда ХМТ экспертлари иштирокидаги миллий мониторинг давом этмоқда.

Monitorинг якунларига кўра барча ҳудудлардаги ўрганишлар натижаси умумлаштирилиб, мамлакат миллий қонунчилигида болалар меҳнатига оид меъёрларни янада такомиллаштириш, бу борада ХМТ Конвенцияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича тегишли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Курилди: 977