Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ИНСОН РЕСУРСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ХИЗМАТИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ИНСОН РЕСУРСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ХИЗМАТИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Муаллиф: upr_trud
КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ИНСОН РЕСУРСЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ХИЗМАТИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ
2018 йил 27 февралда Бандлик ва меҳнат муносаабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Корея Бандликни таъминлаш тизимининг Ўзбекистондаги маркази директори Сонг Сангжин ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати директори ўринбосари Чой Сеон Вунгни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва Агентлик халқаро муносабатлар ва Фуқароларни хорижга ташкиллаштирилган тарзда жўнатиш бошқармаларининг масъул ходимлари қабул қилдилар.

Учрашувнинг мақсади Корея томонидан хорижий фуқароларни, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тест синовидан ўтказиш тизимига киритилган ўзгаришлар билан танишиш ҳамда номзодларни танлаш, синовдан ўтказиш ва зарур ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш эди.

Корея томонининг маълум қилишича, энди тест синовлари икки босқичдан иборат бўлади: биринчи босқич – корейс тилини билишга оид имтиҳон топшириш ва иккинчи босқич – малака мавжудлигини синовдан ўтказиш (Skills тестлари). Ўтказилган тест синовларидан сўнг натижаларни жамлаш йўли билан энг юқори балл тўплаган номзодлар танлаб олинади.

Маълум бўлишича, номзодларнинг у ёки бу касбни эгаллагани тўғрисида диплом ёки сертификатлари бўлса, уларга қўшимча баллар қўшилади. Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида номзодларда ранг ажратиш қобилиятига (дальтонизм) алоҳида эътибор берилади.

Корея томони мутахассислари Корейс тилидан тест синовларини ўтказиш Марказларининг техник жиҳозланганлигини кўриб чиққанидан сўнг, дастлабки тест синовларини шу йилнинг 6-7 мартларидан бошлаш мўлжалланмоқда.

Шу билан бирга, 30 кишидан иборат пайвандловчилар гуруҳининг малакасини ошириш бўйича курслар ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, улар, курсни мувафаққиятли тугатгач ва корейс тили имтиҳонларидан ўтгач, Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилади. Мазкур номзодлар Корея Республикаси ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига меҳнат қилиш учун ажратиладиган квоталарга кирмайди. Р.Ибрагимов таклифига кўра, ўқитиш курслари учун Тошкент шаҳридаги касбга ўқитиш Маркази (KOICA) салоҳиятидан фойдаланилади.

Корея томонининг Корея Республикасига меҳнат қилиш учун жўнайдиган фуқароларни мослаштириш дастуридан Корея Бандликни таъминлаш тизимининг Ўзбекистондаги маркази вакили учун ўқув соатлари ажратиш таклифи маъқулланди.

Агентлик томонидан Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида ҳам меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди. Мазкур таклиф сафарнинг якуний ҳужжатларига киритилади ва, маъқулланган вазиятда, мазкур соҳаларда меҳнат қилиш учун номзодларни танлаб олиш имконияти юзага келади.
Курилди: 118