Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » ФАОЛ ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТИ

ФАОЛ ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТИ

Муаллиф: upr_trud
ФАОЛ ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТИ
Бизнес фаолиятни инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиш, ушбу талабларга жавоб бериб меҳнат қиладиган тадбиркорлар сафини кенгайтириш, уларга муносиб шароитлар яратиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси асосида бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда айни шу хусусда сўз юритилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 2 мингга яқин фаол тадбиркор қатнашган йиғинда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросида ишбилармонларнинг ўрни ва роли ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга билдирилаётган ишонч, уларга берилаётган имтиёз ва преференциялар, яратилаётган шарт-шароитлар алоҳида эътироф этилди. Бунга жавобан ҳар бир тадбиркор мамлакат тараққиёти янги босқичининг фаол иштирокчиси, етакчисига айланиши зарурлиги таъкидланди. Республикамиз иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган инновацион, илғор технология ва бош­қарув усулларидан фойдаланиш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорликни кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятларни ишга солиш зарурлигига урғу берилди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда анжуман қатнашчиларининг юртимизда фао­лият юритаётган барча тадбиркорларга мурожаати қабул қилинди.

Унда тадбиркорлар Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган вазифаларни бажаришда жипслашишга, Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдек юксак мақсад йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда нафақат бевосита қатнашиш, балки бунда ўзини асосий куч, ижтимоий жиҳатдан энг фаол қатлам сифатида намойиш этишга чақирилди.

Мурожаатда тадбиркорлар ҳамжамияти нопок тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлиши лозимлиги, уларга, биринчи навбатда, давлат эмас, балки тадбиркорларнинг ўзлари холисона муносабат билдирадиган ва ушбу муҳитнинг софлигини таъминлайдиган тизим яратилиши, бу борада тадбиркорнинг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиш зарурлиги белгиланди.

Инновацион ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг хуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари – стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар ҳамда технопарклар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда аниқ таклифлар билан иштирок этиш лозимлиги қайд этилди.

Юртимизда ташкил этилаётган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги урғуланди.

Мурожаатда тадбиркорларнинг мамлакатимиз экспорт салоҳиятини мус­таҳкамлаш, ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи остида олиб чиқиш, иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишида янада фаолроқ бўлишга чақириб қолинган. Шунингдек, унда нафақат ижтимоий ёки иқтисодий ривожланишнинг, балки ҳар бир оила мустаҳкамлиги, жамият барқарорлиги, тинчлик ва осо­йишталикнинг асосий ва зарурий шарти ҳисобланган аҳолини иш билан таъминлаш долзарб вазифа сифатида алоҳида акс эттирилган.

Тадбирда видеоконференц алоқа орқали республикамизнинг барча ҳудудлари фаол тадбиркорлари сўзга чиқиб, ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлашди. Юклатилган вазифаларни масъулият билан ва сидқидилдан бажаришларини, шу юрт келажаги ва фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини баён қилишди.
Курилди: 94