Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » НАВОИЙДА ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ ИШ БОШЛАДИ

НАВОИЙДА ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ ИШ БОШЛАДИ

Муаллиф: upr_trud
НАВОИЙДА ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ ИШ БОШЛАДИ
Қизилтепа туманининг Тошработ қишлоғида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона фаолият бошлади. Кластер усулида ишлайдиган корхона тўлиқ қувватга эришгач, туманда биргина пахтачиликдан олинадиган даромад қарийб 6 баробар ошади.

Тошработдаги саккиз маҳаллада 30 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Мазкур ҳудудда ҳунармандчилик азалдан ривожланган.
Саккиз ой аввал давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида ушбу қишлоқда ҳам бўлиб, “Toshrabot textile” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси билан яқиндан танишган эди.

— Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор тажриба тариқасида Қизилтепа пахтачилигида кластер усули жорий этилмоқда, — дейди корхона таъсисчиси Улуғбек Файзиев. — Мана шу йўналишга қаратилган лойиҳамиз билан танишган давлатимиз раҳбари унинг иқтисодий асосларига, иш ўринлари сонидан тортиб, маҳсулот рақобатдошлиги, экспорт истиқболларигача эътибор қаратди ва қимматли кўрсатмалар берди.
Айтиш жоизки, корхона қурилиши “ноль”дан бошланди. Бунёдкорлик ҳамда тикув дастгоҳлари хариди учун 14 миллиард сўм йўналтирилди. Унинг 3,5 миллиард сўми тадбиркор маблағи, қолган қисми эса банк кредитидир. Натижада Туркия, Тайвань ва Хитойдан замонавий технологиялар келтирилиб, ишга туширилди.

— Бундан икки йил аввал Қизилтепа енгил саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган эдим, — дейди Узилишкент маҳалласида истиқомат қилувчи Феруза Турсунтошева. — Ушбу корхона очилиши ҳамда унга ишчилар қатъий танлов асосида қабул қилинишини эшитгач, Тошкентдаги хусусий ўқув марказларидан бирида икки ой малакамни ошириб келдим. Омадим чопиб, қишлоғимиздаги улкан саноат корхонасида фаолият юритиш бахтига муяссар бўлдим.

Дарҳақиқат, мазкур ишлаб чиқариш субъектида маҳаллий ёшлардан беш юз нафарининг бандлиги таъминланди. Келгусида иш ўринларини икки баробар ошириш режалаштирилмоқда.
— Маҳсулотларимизнинг 90 фоизини экспортга чиқаришни мўлжаллаяпмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Фахриддин Умуров. — Аксарият жараёнларнинг компьютерлаштирилганлиги ҳамда тикувчиларни қайта тайёрлаш ишларига хорижлик мутахассисларни жалб этганлигимиз маҳсулотларимиз рақобатдошлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Бинобарин, ташқи бозордан муносиб ўрин эгаллаш учун замонавий ёндашувлар талаб этилади. Шу мақсадда корхонада дизайнерлар ва маркетинг бўлимлари ҳам ташкил қилинди.
Курилди: 354