Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » Навоий вилоятининг олис овулларида тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаби очилди

Навоий вилоятининг олис овулларида тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаби очилди

Муаллиф: upr_trud
Навоий вилоятининг олис овулларида тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаби очилди
Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятининг энг олис туманларида барпо этилган замонавий уй-жой ҳамда ижтимоий объектларнинг фойдаланишга топширилгани ҳудуд аҳолисининг кайфиятига янада кўтаринкилик улашиб, улар ҳаётида туб бурилиш ясади.

Хусусан, вилоятнинг Учқудуқ ва Томди туманининг олис овулларида тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим маскани, замонавий уй-жойларнинг очилиш маросими ташкил этилди.

Айниқса, давлат раҳбарининг жорий йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори узоқ овулларга замонавий инфратузилмани олиб кириш, ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат вилоятнинг Учқудуқ, Томди, Конимех туманларида яшаётган 80 мингдан ортиқ турли миллат вакилларининг фаровон ҳаёт кечириши, оғири енгил қилишда кенг имкониятлар яратмоқда. Бу ҳудудларда асосан, қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли қўним топган. Чорвачилик, йилқичилик ривожланган овулларда икки миллат вакиллари аҳил-иноқ, қуда-анда бўлиб яшаб келмоқда.

Учқудуқ туманининг “Жузқудуқ” овули энг олис ҳудудлардан. Ҳудуд ёшларининг замонавий шароитларда таълим олиши учун 2-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Таълим масканининг тантанали очилиш маросимида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эрик Ўтембаев ва бошқалар иштирок этди. Ўзбек ва қозоқ миллатининг аҳилликда яшаб, Ватан равнақи учун биргаликда меҳнат қилаётгани бундай эзгу ишларнинг янада самарали бўлишида муҳим омилдир.

Янги мактабга Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Республика Қозоқ миллий маданий маркази томонидан зарур ўқув жиҳозлари, планшет ҳамда 300 дона қозоқ тилидаги адабиётлар топширилди.

Овулга рақамли телевидение сигналини қабул қилиш мосламаси ўрнатилиб, миллий каналларимизни томоша қилиш имконияти яратилди. Тез орада ҳудудга интернет алоқаси йўлга қўйилиб, мактаб ўқувчилари виртуал оламдан самарали фойдалана бошлайди.

Шу куни “Жузқудуқ” қишлоқ врачлик пунктига “Damas” русумли тез тиббий ёрдам машинаси топширилди. 2000 йилда қурилган тиббиёт муассаси реконструкция қилиниб, “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган.

Овулда 30 ўринли мўлжалланган 2-сон “Қуёшжон” номли мактабгача таълим муассасасининг “Бобек” 4-филиали тўлиқ реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. Эндиликда масканда 7 нафар тарбиячи овул болаларидан доим хабардор. Жажжилар масканининг 60 ўринли концерт зали замонавий фортепиано билан жиҳозланган бўлиб, турли байрам тадбирларини ўтказишга мўлжалланган.

Давлат раҳбарининг юқоридаги қарорига асосан, овулдаги бўшаб қолган ва эгасиз 4 турар жой замонавий кўринишга келтирилиб, ихтиёрий равишда кўчиб келадиган уй-жойга муҳтож оилаларга текин берилди.

Томди тумани марказида ҳам тантанали байрамона тадбирлар бошланди.

Тумандаги 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш истеъдодларни тарбиялашга хизмат қилади. Замонавий маданият масканининг очилиши минглаб иқтидор эгаларини кашф этиш имконини беради. 55 ўринли мактабда 6 тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар халқ чолғулари, хореография, дутор, эстрада йўналишларида санъат сирларини пухта ўрганади. 6 нафар ўқитувчи ёшларнинг иқтидорини намоён этиши учун ўз меҳнатини аямайди.

Туман марказидаги 2 қаватли турар жой биноси тўлиқ таъмирланиб замонавий кўриниш фойдаланишга топширилди. Уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган 3 оила янги уйларга кўчиб кирди.

Томди туманининг энг олис ҳудудларидан бири – “Ўтемурат” овулида бугунги шароит аввалгисидан мутлақо фарқ қилади. Туман марказидан 170 километр узоқликда жойлашган аҳоли пунктида 140 хонадон яшаб келмоқда.

Овулдаги 8-умумтаълим мактабининг тўлиқ реконструкция қилиниб янги ўқув йилига фойдаланишга тоширилгани ҳудуд аҳолиси ва ёшлар учун муносиб совға бўлди. 190 ўринли мактабнинг синф хоналари янги ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Мактабга Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Республика Қозоқ миллий маданий маркази томонидан зарур замонавий ўқув жиҳозлари ҳамда 250 дона қозоқ тилидаги адабиётлар топширилди.

“Ўтемурат” қишлоқ врачлик пункти ҳам тўлиқ таъмирланган замонавий бинода фаолият бошлади. Қарийб бир минг 700 аҳолига хизмат кўрсатадиган муассасанинг овулдан 8 ва 20 километр олисда жойлашган “Оққовоқ” ҳамда “Пирша” филиаллари ходимлари ҳам аҳоли саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда.

Овулда истиқомат қилаётган чорвадор Серикбай Сагатов муносиб хизматлари учун 2003 йилда Биринчи Президент фармони билан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Бугун эл ардоғидаги нуроний фарзандлари ва невараларини комил инсонлар этиб вояга етказмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Серикбай Сагатов ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди.
Курилди: 31