Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » Янги лойиҳа ва маҳсулотлар намойиши

Янги лойиҳа ва маҳсулотлар намойиши

Муаллиф: upr_trud
Навоийда йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Унда Навоий ҳамда бошқа вилоятлардан қарийб 200 йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхонаси, ҳудудий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилаётгани туфайли ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.

Ярмаркада вилоятда маҳаллийлаштириш дастури асосида ўзлаштирилаётган янги маҳсулот турлари, хусусан, маиший техника ва буюмлар, замонавий тиббиёт жиҳозлари, кимё ва кон саноати учун зарур буюмлар рақобатбардошлиги билан иштирокчилар эътиборини тортди.

– Корхонамизда тоғ-кон ва кимё саноатида ишлатиладиган оловга чидамли қолиплар, лаборатория идишлари тайёрланади, – дейди Навоий шаҳридаги “Kimyo-Servis-Navoiy” масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Адиз Раҳматов. – Айни пайтда 13 ишчи меҳнат қилаётган корхонада ишлаб чиқарилаётган 5 турдаги ўтга чидамли ана шундай маҳсулотларга талаб тобора ортмоқда. Бугунги кунда асосий харидорларимиз Навоий ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари бўлиб, маҳсулотларга хорижий давлатлардан ҳам қизиқиш билдирилмоқда.

Ярмарка доирасида қулай банк хизмати турлари, қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар ҳамда маҳаллийлаштириш дастури асосида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар намойиш этилди.

Ишлаб чиқарувчилар ўртасида янги техника ва воситалар, технологияларни харид қилиш бўйича 30 миллиард сўмликдан ортиқ шартномалар имзоланди.
Курилди: 331