Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш давлат органлари фаолиятининг тезкорлиги ва очиқлигини таъминлайди

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш давлат органлари фаолиятининг тезкорлиги ва очиқлигини таъминлайди

Муаллиф: upr_trud
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш давлат органлари фаолиятининг тезкорлиги ва очиқлигини таъминлайди
Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь ойида кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини жамоатчиликка чуқур тушунтириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришда давлат органлари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш, ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизнинг барча ҳудудида маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари фаолиятига “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарлар шулар жумласидандир.

Уларда қайд этилганидек, юртимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини иқтисодиётимиз тармоқлари ҳамда ҳаётимизнинг барча жабҳасига кенг татбиқ қилиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатилаётган давлат интерактив хизмати турларини кенгайтириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётир. “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир.

— Маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари фаолиятига “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ҳамда ривожлантириш масалаларига бағишланган семинарларда икки ярим мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Расул Кушербаев. — Уларда электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари ҳамда принциплари, электрон давлат хизматлари кўрсатиш, бу соҳанинг давлат томонидан тартибга солинишига оид қоидалар атрофлича тушунтирилди.

Шу йилдан эътиборан жойларда йўлга қўйилган “Ягона дарча” марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш афзалликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, электрон ҳукумат соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ишлаб чиқилган методик тавсиялар билан таништирдилар.

— Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни давлат органлари фаолиятининг тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлашда, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни мустаҳкамлашнинг қўшимча механизмларини яратишда муҳим ўрин тутади, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Хидиров. — Шу маънода, “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига давлат интерактив хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилинмоқда.

2015 йили вилоятда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича учта йирик лойиҳа амалиётга татбиқ этилган бўлса, бу йил йигирмата ана шундай лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган. “Электрон ҳукумат” тизими доирасида бир нечта ахборот ва маълумотлар базаси, 4 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Қонунда белгиланганидек, “электрон ҳукумат” — давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматларини кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимидир.

— Ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш асосида давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имкониятлар яратиш каби мақсадлар кўзланган мазкур Қонунда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишнинг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилган, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодир Эшназаров. — Ўтказилган семинарда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтда вилоят аҳолисининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига электрон тарзда мурожаат қилиш кўрсаткичи сезиларли равишда ошиб бормоқда. Айни чоғда, ҳокимликлар, давлат бошқаруви органлари ўз фаолияти ҳақида веб-сайтлари орқали аҳолига зарур маълумот, ахборот ва янгиликлар тақдим этаётир. Бу кундалик ҳаётимизда замонавий ахборот технологияларидан тобора кенг фойдаланилаётганидан далолатдир.

Ўтган йили Жиззах вилоятидаги қирқдан ортиқ корхона ва ташкилотларнинг веб-сайтлари очилди. Бугунги кунга келиб, ҳудудда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 90 дан ортиқ веб-сайтлари ишлаб турибди.

— Ҳокимликларда электрон ахборот хизматларининг жорий этилиши туфайли маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақида фуқароларнинг хабардорлигини таъминлаш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ходимлар малакасини ошириш борасида ижобий самараларга эришилди, вилоят ҳокимлиги веб-сайтида “Очиқ маълумотлар” базаси жорий қилинди, — дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси директори Толибжон Эргашев. — Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив хизматлар ягона портали билан боғланиб, имконияти чекланган фуқаролар, мобиль алоқа ускуналаридан фойдаланувчилар, ариза ҳамда шикоят билан мурожаат қилувчилар учун ҳам янги қулайликлар яратилгани “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунда белгиланган меъёрларга жавоб беради. Бугунги кунда вилоят ҳокимлиги веб-сайтида ягона портал орқали 12 турдаги давлат интерактив хизматлари ва 16 турдаги қўшимча интерактив хизматлар кўрсатилмоқда. Шулардан 9 таси тадбиркорлик субъектлари фаолиятини яхшилашга йўналтирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳудудларда ўтказилган тадбирлар “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг тарғиб этишга, бу борада фуқаролар, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини оширишга хизмат қилади.
Курилди: 765