Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » “Электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдида турган долзарб масалалари муҳокама қилинди

“Электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдида турган долзарб масалалари муҳокама қилинди

Муаллиф: upr_trud
“Электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдида турган долзарб масалалари муҳокама қилинди
2016 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдида турган долзарб масалалар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Жорий йилнинг июн ойида кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунининг мазмун- моҳиятини кенг тарғиб қилиш, кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш, давлат идоралари олдида турган вазифаларни белгилаб олиш мақсадида бугунги кунда қўшма режали чора-тадбирлар асосида ишлар амалга оширилмоқда.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг маъсул рахбарлари ва ходимлари, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳузуридаги жамоат эксперт гуруҳи аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вақиллари, шунингдек кенг доирадаги ахборот-коммуникация соҳасининг мутахассислари иштирок этдилар.

2015 йил 9 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунга имзо чекиши жамиятимизда идоралараро, идоралар ва фуқаролар, тадбиркорлар ўртасидаги электрон муносабатларнинг ривожланиши, фуқаро манфаатларининг мустаҳкам ҳимояланиши, Интернет тармоғида таълим-тарбиявий, фойдали контентнинг яратилиши, ахборотлаштириш соҳасида катта ўзгаришларнинг кенг қамровли янги босқичини бошлаб берди.

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида давлат сиёсати аниқ ифодалаб берувчи меъёрий ҳужжатдир. Уни амалда татбиқ этиш давлат органларининг фаол иштирокини талаб қилади. Сабаби давлат органлари “электрон ҳукумат” соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириб, мазкур йўналишдаги дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишлари белгилаб берилган. Давлат идораларининг “электрон ҳукумат” соҳасида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини, шунингдек интерактив давлат хизматларини ишлаб чиқиши, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолига масофадан туриб сифатли хизмат кўрсатиш қонунда белгиланган.

Семинарда халқаро тажриба ва жаҳон амалиётида “электрон ҳукумат”га оид қонунчиликнинг амалда татбиқ қилиниши, ҳужжат мазмун-моҳиятини фуқаролар ўртасида тарғиб қилишнинг услубий ва техник тавсиялари юзасидан маълумотлар берилди.

Қонуннинг мақсад ҳамда вазифалари, асосий тушунчалари, “электрон ҳукумат” тизимининг асосий принциплари, унинг ишини ташкиллаштириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талабларга оид нормалар қайд этилган. Шунингдек, Қонунда “электрон ҳукумат” инфратузилмаси, мазкур соҳадаги давлат бошқаруви, давлат органларининг “электрон ҳукумат” тизими доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатлар тартибга солиниши белгиланган.

Қонуннинг асосий вазифаси – давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш. Шу боис, унда электрон давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солинган.

Бу эса давлат хокимияти ва бошқарув органлари томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий хужжатларни ўз вақтида ва тўлиқ қабул қилиш, электрон давлат хизматлари регламентлари, ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва тармоқларини ривожлантириш юзасидан идоравий дастурларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги тўлиқ ахборотларни аҳолига тўлиқ тақдим қилиш, давлат хокимияти ва бошқарув органларининг расмий сайтлари фаолиятини янада такомиллаштиришни, ўз вақтида хизмат кўрсатишни талаб қилади.

Семинарда давлат идоралари масъулларининг эътибори айни мана шу жиҳатларга қаратилди.
Курилди: 614