Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » Навоий вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 триллион сўмни ташкил этди

Навоий вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 триллион сўмни ташкил этди

Муаллиф: upr_trud
Навоий вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 триллион сўмни ташкил этди
Навоий вилоятида 2015 йилда ташкил этилган 41 мингдан зиёд янги иш ўрнининг 13 мингдан ортиғини касб-ҳунар коллежи битирувчилари банд этди. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёш тадбиркорларга тижорат банклари томонидан қарийб 18 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Навоий вилояти фаолларининг 2015 йил якунлари ва 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида шу ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳисобот даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ишлар самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 триллион сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,5 фоиз, жумладан, ҳудудий саноат маҳсулотлари 18 фоиз, халқ истеъмоли моллари 13,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,3, қурилиш ишлари 6, чакана савдо айланмаси 15,4, умумий кўрсатилган хизматлар 17,9 фоиз ҳамда пуллик хизматлар ҳажми 9,5 фоизга кўпайди.

796 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, унинг саноатдаги улуши 14,8 фоизга ва ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 37,1 фоизга ўсди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 501,2 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Ўтган йили вилоятда 1,7 триллион сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилган бўлса, унинг 49 миллиард сўмини хорижий инвестициялар ташкил этди. Инвестицияларнинг 67,3 фоизи ишлаб чиқариш қувватларини янада оширишга йўналтирилди.

“Навоийазот” акциядорлик жимиятида умумий қиймати 1 миллиард 680 миллион долларга тенг йилига 500 минг тонна азот кислотаси, 660 минг тонна аммиак, 577 минг тонна карбамид, 100 минг тонна поливинилхлорид (ПВХ), 72 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича амалий ишлар бошланди. Навоий кон-металлургия комбинатида 415,5 миллиард сўм миқдоридаги капитал маблағлар ҳисобидан 30 лойиҳа амалга оширилди.

“Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида қиймати 547 миллион долларлик қуввати 450 Мвт. бўлган 2-буғ-газ қурилмасини ўрнатиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йили 23 массивда қиймати 127 миллиард сўм бўлган 745 намунавий уй-жой фойдаланишга топширилди. 149 километр узунликдаги тоза ичимлик суви тармоғи барпо этилиши 55 мингдан ортиқ аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш имконини берди. 59 километрлик умумфойдаланувдаги ва ички йўллар таъмирдан чиқарилди.

Давлат активларини хусусийлаштириш, аввало, чет эллик инвесторларга сотиш борасида қатор ижобий ўзгаришларга эришилди. Масалан, 18 мулк комплекси танлов асосида, инвестиция киритиш шарти билан“ноль” қийматда янги мулкдорларга сотилди. 7 паст рентабелли ва фаолият кўрсатмаётган ташкилот тўлиқ тугатилди. Хусусийлаштириш дастурида кўзда тутилган, фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган 70давлат мулки объекти ўрнида бўшаган қарийб 23 гектар ер ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш учун тадбиркорлар тасарруфига берилди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида 149 миллиард сўм ва 9,14 миллион доллар маблағ сарфланди.

Йиғилишда вилоятда эришилган ютуқлар билан бирга айрим туманларда экспортни ривожлантириш борасида кузатилган баъзи камчилик ва муаммолар, газ, электр энергияси истеъмолидан дебитор ва кредиторлик қарзларининг ортгани танқид қилинди. Қайд этилган камчилик ва хатоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Навоий вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.
Курилди: 499