Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси
» » » Чет элда касб фаолиятини амалга ошириш тартиби

Чет элда касб фаолиятини амалга ошириш тартиби

Муаллиф: admin
Чет элда касб фаолиятини амалга ошириш тартибиУзбекистон Республикаси фукароларининг чет элда касб фаолиятини амалга ошириш буйича тартиблар

Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида ишга жойлашишини таъминлаш масалаларини ҳал этиш Ҳукумат қарорларига мувофиқ фақат Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига ҳамда Тошкент, Бухоро, Фарғона, Қарши ва Нукус шаҳарларидаги Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларга юклатилган.

Юқорида қайд этилган ваколатли муассасалардан ташқари ҳеч бир жисмоний ва юридик шахслар фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Маълумки, қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларнинг кўмагида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ва қуйидаги икки асосда меҳнат фаолиятларини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Биринчиси, хукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида.

Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида меҳнат миграцияси ва меҳнат муносабатлари масалаларда ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида тузилган кўптомонлама ҳамда икки томонлама шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси Ҳукуматлари ўртасида 2007 йил 4 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларининг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларининг меҳнат фаолиятлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги шунингдек, икки давлат Ҳукуматлари ўртасидаги “Ноқонуний миграцияга қарши кураш тўғрисида”ги Битимлар меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда икки давлат ўртасида ишчи кучининг эркин харакатланиши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Мамлакатимизнинг Корея Республикаси билан мавжуд дўстона алоқалари янада кенгайтирилиб, меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик изчил давом эттириб келинмоқда. Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида 2010 йил 25 сентябрда “Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида” икки давлат вазирликлари ўртасида ўзаро Меморандум имзоланган. Мазкур Меморандум икки давлат ўртасида мавжуд ишчи кучи ва меҳнат потенциалидан рационал фойдаланиш соҳасидаги интеграцияни ҳар томонлама ривожлантиришга бўлган интилишни акс эттиради.

Иккинчиси, хусусий меҳнат контрактлари асосида.

Фуқароларнинг хусусий меҳнат шартномалари бўйича чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш белгиланган шаклга мувофиқ бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Мазкур рухсатнома берилганидан кейин фуқаролар чет элга чиқишни расмийлаштириш учун ўзлари яшаб турган жойдаги Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлинмаларига ариза билан мурожаат қиладилар.

Республикамиз фуқаролари амалдаги қонун ҳужжатлари асосида хусусий меҳнат шартномалари асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар асосида чиқишлари белгилаб қўйилган. Хусусий меҳнат шартномаси бўйича чет элда ишлаш учун фуқаролар белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий иш берувчининг меҳнат шартномаси нусҳаси, иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумот, фуқаро тўғрисида маълумотнома-холиснома ва соғлиғи тўғрисида маълумотномани Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига тақдим этишлари лозим. Агентлик тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун ичида белгиланган тартибда кўриб чиқиб, фуқарога чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.

Ўрнатилган тартибда чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларимиз нафақат ўзимизнинг, балки хорижий давлатининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган кенг имконият ва шароитлардан фойдалана оладилар. Булар нималарда намоён бўлади?:

биринчидан, фуқаро амалдаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан тўғри ва мақсадли фойдаланган, бинобарин давлатимизнинг бу борадаги мавжуд қонун талабларини бузмаган бўлиб ҳисобланади;

иккинчидан, фуқаронинг чет элдаги ҳақ-ҳуқуқлари, унинг ҳимояси таъминланади;

учинчидан, фуқаронинг хорижий иш берувчи билан бўладиган меҳнат муносабатлари ҳамда унинг ижтимоий ҳимояси кафолатланади;

тўртинчидан, меҳнат шартномаси шартларини муваффақиятли якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келган фуқаронинг меҳнат дафтарчасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта баддалари тўланган тақдирда, унинг хориждаги иш стажи Агентлик томонидан тасдиқлаб берилади.

Юқорида қайд этилганидек, республикамиз ҳукуматининг қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида, ёки хусусий меҳнат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва минтақавий бюролар кўмагида белгиланган шаклга мувофиқ хусусий контрактлар учун бериладиган рухсатномалар асосида чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бошқа ҳар қандай юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фаолиятлари ноқонуний фаолият ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зиддир.

Огоҳ бўлинг, қуллика рози бўлманг. Зеро, битта қилинган ножўя харакатнинг оқибатида инсон хаётининг энг муққадас неъматидан – озодликдан маҳрум бўлиши мумкин.

Бу иллатга чек қўйиш мақсадида вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси ҳамда унинг қўйи тизимларида “Ишонч телефонлари” йўлга қўйилган. Фурсатдан фойдаланиб, фуқароларимизни яна бир бор огоҳликка чақирамиз! Уларнинг чет элларда меҳнат фаолиятларини қонуний асосларда ва муваффақиятли амалга оширишлари мақсадида ҳар қандай ножўя харакатлар юзасидан Бош бошқармамизнинг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз: 22-4-23-00

Чет элларда ишлаш истагида бўлган ёки турли шахслар, фирмалардан чет элдан ишга жойлаштириш тўғрисида таклифларни олган республикамиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки Тошкент, Бухоро, Нукус, Фарғона, Қарши шаҳарларида жойлашган Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларга мурожаат қилиб, чет элда меҳнат қилиш тўғрисида ўзларини қизиқтирган барча саволларга, айниқса, фирибгар шахслар ва фирмалар томонидан чет элга ишлашга юбориш тўғрисидаги таклифларини аниқлаштириш бўйича батафсил жавоб олишлари мумкин.
Курилди: 3677